Yangiliklar

Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазири бошчилигидаги вазирлик масъуллари Самарқанд вилоятида бўлиб турибди.

Ташриф давомида вазирлик жамоаси Булунғур туманида соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати билан танишди.

Булунғур туман тиббиёт бирлашмаси таркибида туман марказий шифохонаси, 50 ўринли туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари маркази, 250 қатновга мўлжалланган туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси, 3 та оилавий поликлиника, 9 та оилавий шифокор пункти мавжуд.

Ўрганишлар давомида дастлаб туман тиббиёт бирлашмасининг моддий-техник базаси, зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланганлик ҳолати кўздан кечирилди.

Шунингдек, муассасанинг электр-коммуникация таъминоти ўрганилиб, катта дизель ва кичик мобил генераториларнинг ҳолати, уларнинг ёнилғи билан таъминланиши ўрганилди.

Бундан ташқари, шифохонанинг табиий газда ишлайдиган қозонхоналарининг шай ҳолатда экани назоратга олиниб, кўмирда ишловчи қозонхоналарни ташкил этиш бўйича тезкор топшириқлар берилди.

Туман тиббиёт бирлашмаси фаолияти билан танишиш чоғида биноларнинг томи ва ертўлалари ҳолатига ҳам алоҳида эътибор берилди.

Муассаса лифтларининг ишлаши қониқарли эмаслиги ҳисобга олиниб, вазирлик томонидан уларни янгилаш бўйича зарур маблағлар ажратиш масаласи ҳал этилди.

Қолаверса, ишчи гуруҳ томонидан куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалалари бўйича ҳар бир туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларида ўрганишлар олиб борилиши таъкидланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.