Янги туғилган боланинг суяги мўрт бўлади. Озгина эҳтиётсизлик ҳам унда тузатиб бўлмас асоратларга сабаб бўлиши мумкин. Айниқса, жазирама кунларда чақалоқнинг бош соҳаси жиддий эътибор талаб қилади.
— Янги туғилган гўдакнинг бош чаноғи бир нечта ўзаро бирикмаган суяклардан иборат бўлади, — дейди педиатр Шозода Каримова. — Ушбу суяклар орасида юмшоқ жойлар, яъни лиқилдоқлар борлигини сезиш мумкин.
- Улар бола туғилиши ва ташқи муҳитга мослашишида муҳим ўринга эга.
- Биринчидан, бош лиқилдоқлари туғуруқ жараёнини осонлаштириб, боланинг қўшимча хавфсизлигини таъминлайди.
- Туғуруқдан сўнг вақт ўтиб боланинг боши асл шаклига қайтади.
- Иккинчидан, лиқилдоқлар табиий амортизатор бўлиб хизмат килади. Боланинг бошига бирор нарса тегиб кетса, у зарб кучини камайтиради.
- Чақалоқларда катталардан фарқли ўлароқ тана ҳарорати мувозанатини сақлаш тизими ҳали яхши ривожланмаган бўлади. Лиқилдоқлар эса бу тизим вазифаларининг бир қисмини ўз зиммасига олади.
-
- Бундан ташқари, гўдакнинг тана ҳарорати кўтарилганда лиқилдоқнинг юпқа мембранаси мияни табиий ҳолатда совутади.
- Бола чинқириб йиғлаганда лиқилдоқ сал шишади.
- Ичига ботган лиқилдоқ эса одатда организм сувсизланганидан дарак беради. Бу ҳолат кучли ич кетиши ёки қусиш оқибатида юзага келади. Бундай ҳолатда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш лозим.
- Ота-оналар болада лиқилдоқнинг битишига алоҳида аҳамият беришлари лозим. Бунда гўдакнинг ёшига мувофиқ тана оғирлиги ва бошининг умумий айланаси ҳам ҳисобга олиниши муҳим. Лиқилдоқнинг битиш муддати 3 ойдан 24 ойгача, баъзан ундан ортиқ вақтгача ўзгариб туради.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

